Ўзбекистон импорт қилинадиган бир қатор товарларга божхона тўловларини камайтириш ниятида
Тошкент. 15 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон божхона тўловларини камайтириш ёки бекор қилиш кўзда тутилаётган импорт товарлар рўйхатини шакллантирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Марказий банк монетар сиёсати бошқармаси бошлиғи Илҳом Норкуловнинг баёнотига асосланган ҳолда.
“Шу кунларда тегишли вазирлик ва идоралар, шу жумладан, Давлат божхона қўмитаси томонидан баъзи озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички нархларининг ўсишини олдини олиш мақсадида бож ставкаларини янада оптималлаштириш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, божхона божларини камайтириш кўзда тутилган товарларнинг катта рўйхати ишлаб чиқилмоқда”, - деб таъкидлади у.
Эслатиб ўтамизки, яқинда Ўзбекистон Республикаси президенти имзолаган фармонга мувофиқ, 10 сентябрдан бошлаб 42 номдаги товарлар бўйича божхона божлари бекор қилинди. Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб гўшт, ун, ёғ ва бошқа қатор озиқ-овқат маҳсулотлари божлардан озод этилди.
Бундан ташқари, 15 сентябрдан бошлаб қаттиқ шаклида шакарқамиш, лавлаги ва тоза кимёвий сахарозасини олиб киришга божхона тўловлари ва акциз солиғи бекор қилинди.