Ўзбекистон Ҳиндистонни Афғонистон учун мутахассислар тайёрлашга жалб қилишни режалаштирмоқда
Тошкент. 5 декабрь ЎзТАГ – Ўзбекистон Ҳиндистонни Афғонистон учун мутахассислар тайёрлашга жалб қилишни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) маълумотларига кўра, 3 декабрь куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевнинг Ҳиндистон бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Панкаж Саран билан музокараларида шу ҳақда сўз юритилди.
"Учрашувда томонлар Афғонистон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, шунингдек, ушбу мамлакатда турли лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини муҳокама қилдилар", - дейилади хабарда.
Таъкидланганидек, Афғонистон фуқароларини Термиз шаҳрида ўқитиш бўйича таълим маркази негизида Афғонистон учун миллий кадрлар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.
"Ҳиндистон томони ушбу марказда Афғонистонда талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди", - деб якунланади хабар.
Сурат манбаи: review.uz


