Ўзбекистон инфляциянинг режадан ташқари ўсишига йўл қўймаслик учун чоралар белгиланди

Дата: 12:43, 11-12-2018.

Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – 2019 йилда Ўзбекистонда инфляция даражасини прогноз кўрсаткичлари доирасида сақлаш учун қатор чоралар кўриш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу маълумотлар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституция кунига бағишланган тантанали мажлисдаги нутқида келтириб ўтилди.

Биринчидан, самарадорлиги паст бўлган ва етарлича янги иш ўринлари ярата олмаётган йирик давлат корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратишни қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу 2019 йилда кредитлар беришда бюджет ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари кўпаймасликка имкон беради.

Иккинчидан, миллий валюта ҳамда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш учун пул-кредит сиёсатини тартибга солишнинг замонавий воситалари жорий этилади.

Учинчидан, асосий турдаги озиқ-овқат ва бошқа истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бу орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш режалаштирилмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Тўртинчидан, стратегик аҳамиятга эга бўлган товарлар бўйича нархларнинг шаклланиш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни фақат биржа савдолари орқали сотиш, шу асосда эркин рақ́обат муҳитини яратиш талаб этилади.

Бешинчидан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида электр энергияси, табиий газ ва коммунал хизматлар учун тўловларнинг бир қисмини давлат томонидан компенсация қилинади.

Олтинчидан, мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган истеъмол товарлари импорти бўйича тарифларни тартибга солишнинг мослашувчан механизмларини жорий қилиш режалаштирилмоқда.

Еттинчидан, йирик инвестиция лойиҳаларини республиканинг иқтисодий аҳволи оғир ҳисобланган 27 та шаҳар ва туманини комплекс ривожлантириш мақсадида, аввало, ушбу ҳудудларда амалга ошириш белгиланган.

 

Сурат манбаи: http://ipress.ua

Янгилик билан ўртоқлашиш: