Ўзбекистон Инновация IT-маркази илк 28 резидентларига эга бўлди

Дата: 15:56, 29-09-2017.

Тошкент. 29 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентдаги Мирзо Улуғбек номидаги Инновация IT-марказининг илк 28 резидентлари аъзолик гувоҳномаларини олдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, улар орасида DataSite Technologies, NewMax Technologies ва бошқалар бор.

Мирзо Улуғбек номидаги Инновация маркази Ўзбекистон Президентининг 2017 йилнинг 30 июнида эълон қилинган “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра ташкил этилган.

Марказга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган дастур ишлаб чиқарувчилари аъзо бўлишлари мумкин.

Инновация маркази резидентлари Ўзбекистон ҳудудида халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан, ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан олинадиган тушум доирасида нақд пулсиз шаклда дивидендлар ва ходимларга иш ҳақи тўлаш бўйича хорижий валютада ҳисоб-китобларни амалга ошириш; экспорт контрактисиз бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги онлайн магазинлар орқали хорижий валютага ишлар ва хизматлар экспортини амалга ошириш ҳуқуқларини оладилар.

Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар, шунингдек, ягона ижтимоий тўловни тўлашдан, ўз эҳтиёжлари учун олиб келинаётган ускуна, эҳтиёт қисмлар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот учун божхона тўловлари тўлашдан, ўзи ишлаб чиқарадиган товарларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этиладилар.

Юқоридаги имтиёзлардан ташқари, Инновация маркази резидентлари ва ходимлар ўртасида тузилган меҳнат шартномалари бўйича 2028 йил 1 январгача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар белгиланган 7,5% ставка бўйича жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиққа тортилади, 4,5% ставка бўйича – фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига киритадиган суғурта бадалларига тортилади.

Бундан ташқари, Инновация маркази резидентлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ хориждаги тижорат банклари ҳисоб рақамларида хорижий валютада маблағлар сақлаш ва ҳисоб рақамига эга бўлиш, улардан мустақил равишда фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: