Ўзбекистон инсон тараққиёти бўйича янги индексда Тожикистон ва Қирғизистондан ўзиб кетди
Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон инсон тараққиёти бўйича янги индексда Тожикистон ва Қирғизистондан ўзиб кетди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон йиллик Инсон тараққиёти индексида (HDI) 114 ўринда бормоқда”, - дейилади навбатдаги инсон тараққиёти индекси ҳисоботида (Human Development INDEX).
Ўзбекистондан юқорида Қозоғистон (56-ўрин) ва Туркманистон (109) бормоқда, қуйида эса – Қирғизистон (120) ва Тожикистон (129) бор.
Маълумот ўрнида, ҳар йили эълон қилинадиган Инсон тараққиёти индекси (HDI) БМТ экспертлари томонидан мамлакатларни турмуш даражаси, саводхонлиги, ҳаёт давомийлиги каби кўрсаткичлар бўйича солиштириш мақсадида ҳисоблаб чиқилади.
Уни ҳисоблашда 3 турдаги кўрсаткичлар ҳисобга олинади. Булар кутилаётган ҳаёт давомийлиги (узоқ умр кўриш баҳоланади), аҳоли саводхонлиги даражаси (таълимга сарфланган ўртача йиллар) ва таълимнинг кутилаётган давомийлиги, аҳоли жон бошига АҚШ долларида харид қобилияти паритети бўйича ҳисобланадиган ялпи ички маҳсулотдан келиб чиқиб баҳоланадиган ҳаёт даражасидир.