Ўзбекистон Қирғизистондаги вазиятни тезда нормаллаштиришга умид қилади

Дата: 11:31, 09-08-2019.

Тошкент. 9 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Қирғизистондаги вазиятни тез нормаллаштиришга умид қилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"8 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди", - дейилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

"Суҳбат чоғида Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Қўшни мамлакатдаги вазиятни амалдаги қонунчилик доирасида тезроқ нормаллаштиришга умид билдирилди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ҳуқуқий расмийлаштириш ва чегарадаги ишонч чоралари тўғрисидаги шартномага мувофиқ унинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича яқин ҳамкорлик қилиш зарурлиги қайд этилди.

"Суҳбат якунида икки мамлакат раҳбарлари кенг кўламли ҳамкорликни янада фаол ривожлантириш, икки томонлама дўстлик, тотув қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қатъий садоқатини яна бир бор тасдиқладилар", - деб якунланади хабар.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: