Ўзбекистон қирғизистонликлар учун давлат чегарасидан ўтишни осонлаштирди

Дата: 11:43, 17-10-2016.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Қирғизистон фуқароларига қариндошлари томонидан ўзбек ҳудудида ўтказилаётган тўй ва бошқа тантаналарга ташриф буюришга рухсат берди, деб хабар қилди КирТАГ.

“Яқинларгача Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга фақат қариндошларининг вафоти ҳақидаги телеграммалар ва дафн маросимига таклифнома орқали ўтишлари мумкин эди”, - дейилади шанба кунги хабарда

“Вазият Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг ўзгарди: ўзбек томони кутилмаган ҳолда октябрда Андижон вилоятига ташриф буюрган Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари Мухамметкали Абулғозиев бошчилигидаги қирғиз делегациясини илиқ кутиб олди. Ўш, Боткент, Жалалобод вилоятлари раҳбарларининг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига бир кунлик ташрифи доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди”, - деб келтирилади ўзбек ОАВ хабарларида.

Таъкидланишича, шундан кейин чегарадаги ўтиш режими осонлаштирилган ва бу қўшни мамлакатда яшаётган қариндошларини кўриб келиш истагида бўлганларнинг кескин кўпайишига олиб келган. Чегарачиларнинг сўзларига кўра, агар олдин чегарани кунига 300 киши кесиб ўтган бўлса, ҳозирда 1 мингдан зиёд киши ўтмоқда.

“Олдин қўлингда тўйга таклиф ёки никоҳдан ўтганлик ҳақидаги гувоҳнома бўлса ҳам чегарадан ўтиб бўлмас эди. Ҳозирда ушбу хужжатлар асосида одамлар чегарадан ўтказилмоқда. Буни қирғиз ва ўзбек амалдорларининг учрашувларининг ижобий якуни дейиш мумкин”, - деди қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Достук” назорат ўтиш пункти бошлиғи Бексултан Алибеков.

Айни пайтда чегарани Ўзбекистондаги қариндошларидан телеграмма ва таклифнома қўлида бўлган кишилар кесиб ўтишлари мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: