Ўзбекистон Қирғизистоннинг 2027-2028 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашига нодоимий аъзоликка номзодини илгари суришини қўллаб-қувватлайди
Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Қирғизистоннинг 2027-2028 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашига нодоимий аъзоликка номзодини илгари суришини қўллаб-қувватлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Томонлар халқаро майдонда иккитомонлама ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлаш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини қайд этдилар ҳамда БМТ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ўзаро интилишларини билдирдилар”, - дейилади Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоевларнинг қўшма баёнотида.
Шунингдек, давлат раҳбарлари жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Марказий Осиёга жалб қилиш ва минтақа давлатлари манфаатларини илгари суриш мақсадида БМТда мувофиқлаштириш, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларини кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар. “Шу муносабат билан Ўзбекистон томони Қирғизистон Республикасининг 2027-2028 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашига нодоимий аъзоликка ўз номзодини илгари сурганини илиқ қарши олди”, - дея қайд этилади хужжатда.
Эслатиб ўтамизки, 5-6 сентябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифини амалга оширди.