Ўзбекистон Қирғизистоннинг Қозоғистон билан муносабатлар мураккаблашишидан юзага келган зарарлари ўрнини тўлдириши мумкин

Дата: 15:02, 07-11-2017.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Қирғизистоннинг Қозоғистон билан муносабатлар мураккаблашишидан юзага келган зарарлари ўрнини тўлдириши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) қирғиз ОАВга асосланган ҳолда.

Хусусан, Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артем Новиковнинг журналистларга берган маълумотига кўра, Ўзбекистон қирғиз маҳсулотларини сотиб олишга тайёр. Қирғиз-Қозоқ чегарасидаги муаммолар туфайли Қирғизистон ўз маҳсулотлари сотиш учун муқобил бозорларни изламоқда.

Новиковнинг Тошкентда бир нечта икки томонлама битимлар имзоланганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Ўзбекистонга картошка, сут маҳсулотлари, қурилиш тоши ва кўмир таклиф қилиши мумкин.

“Яқин орада биз ўзбекистонлик ҳамкорлар билан мулоқот ўрнатамиз, токи ишбилармонлар бизнинг маҳсулотларимизни тақдим этиб, ҳамкорлар топишсин”, - деди у.

Шунингдек, Новиков Хитой томони билан ҳамкорлик масалалари ишлаб чиқилаётганини таъкидлади.

Аввалроқ, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ҳукуматга бу масалани тез айнувчи маҳсулотларни муқобил бозорларга сотиш йўли билан ҳал қилишни тапширган эди. Маълумки қирғиз-қозоқ чегарасида қирғиз маҳсулотлари тўпланиб қолган бўлиб, улар Ўзбекистон ва Хитойга сотилиши мумкин. Шунингдек, Атамбоев “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини тезда лойиҳалаш ва қуриш зарурлигини айтиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: