Ўзбекистон-Исроил агробизнес-форуми Бухорода бўлиб ўтади

Дата: 11:09, 24-05-2019.

Тошкент. 24 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон-Исроил агробизнес-форуми Бухорода бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ маълумотларига кўра, 23 май куни Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Саид Рустамовнинг Исроил қишлоқ хўжалиги ва аграр соҳасини ривожлантириш вазирлиги бош директорининг қишлоқ хўжалиги янгиликлари масалалари бўйича катта ўринбосари Михал Леви билан учрашувида бу ҳақда сўз юритилди.

Таъкидланганидек, музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистонда илғор Исроил агротехнологияларини ва "ноу-хау"ни жорий этиш бўйича ишлаб чиқаришнинг нисбатан қисқа муддатларда ва ресурсларнинг кам харажатларида юқори натижаларга эришиш масалалари муҳокама қилинди.

М. Леви амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 26-30 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрадиган Исроил делегациясига раҳбарлик қилади. Унда микро суғориш ва сувдан фойдаланиш, иссиқхона хўжалиги, паррандачилик, гўшт-сут ишлаб чиқариш, кластер хўжаликлари ва бошқа соҳалар учун юқори самарали ечимларни ишлаб чиқиш соҳаларида фаолият юритаётган 15 дан ортиқ Исроил етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.

"Бухоро шаҳрида Ўзбекистон-Исроил агробизнес-форуми "Б2Б" форматларида тақдимотлар, учрашувлар, шунингдек, "Бухоро-Агро" эркин иқтисодий зонасига ташриф буюриш режалаштирилган”, - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Тошкентда давлат идоралари вакиллари ўртасида расмий музокаралар, республика ишбилармон доиралари учун тақдимот семинарини ташкил этиш режалаштирилди.

 

Сурат манбаи: uza.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: