Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси аҳоли билан 1492 учрашув ўтказди
Тошкент. 26 апрел. ЎзТАГ – 2017 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси аҳоли билан 1492 учрашув ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бугун федерация “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари ўтказмоқда. Термиздаги кўчма йиғилишда шу ҳақида гапирилди.
Таъкидлангани каби, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлиги Федерация марказий ижро этувчи аппарати раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари, туман ва шаҳар жамиятлари раисларининг аҳоли билан мулоқот кунлари этиб белгиланган.
Ҳисобот даврида “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарига фуқаролардан келиб тушган, жами 1375та мурожаатлар рўйхатга олиниб, шундан 1063та мурожаат бўйича фуқароларга қонун талаблари юзасидан тушунтиришлар, 147та мурожаат юзасидан давлат ва назорат қилувчи органларга, 28та мурожаат юзасидан эса суд органларига мурожаат қилиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Ҳисобот даврида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига фуқаролардан жами 3092та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг 2688таси, яъни (86,9%) ижобий ҳал этилиши натижасида, истеъмолчилар фойдасига жами 954 млн 246,4 минг сўм миқдордаги етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
Федерация томонидан истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб 40та ҳолатда суд органларига даъво аризалари киритилиши ва ижобий ҳал этилиши натижасида 53 млн 244,3 минг сўм моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган. 69та ҳолатда қилинган мурожаатлар юзасидан истеъмолчилар манфаатларини кўзлаб, назорат қилувчи органларига кўриб чиқиш учун юборилгани ва аксарият мурожаатларнинг ижобий хал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 12 млн 49,9 минг сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилган.