Ўзбекистон IT-мактаби кириш имтиҳонларини ўтказди

Дата: 15:58, 09-01-2018.

Тошкент. 9 январ. ЎзТАГ – 7 январь куни Тошкентдаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб 2017-2018 ўқув йили учун 10-синфга кириш имтиҳонларини ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ихтисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилди. Унинг ўқувчилари математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштиришади. Мактабнинг низомига кўра, таълим ўзбек тилида олиб борилади.

2017 йилнинг декабрь ойидан 2018 йилнинг январь ойига қадар ихтисослаштирилган мактаб 10 синфга танлов асосида қўшимча ўқувчиларни қабул қилиш жараёнини ўтказди. Кириш имтиҳонларида қатнашиш учун 100 нафардан зиёд ўқувчилар ҳужжат топширишди.

Улар 7 январь куни ўтказилган кириш имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Ёшлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида ўтган математика, физика ва инглиз тили имтиҳонларида иштирок этдилар. Имтиҳон 2 соат-у 20 дақиқа давом этди.

Кириш имтиҳонлари якунларига кўра, ихтисослаштирилган мактабнинг 10-синфига 14 нафар ўқувчилар қабул қилинди. Имтиҳон натижалари 2018 йилнинг 8 январь куни эълон қилинди.

Шу билан бирга, ушбу ўқувчилар бир қатор имтиёзларга эга бўладилар. Жумладан, ҳар бир ўқувчига ойлик йўл чиптаси ҳамда ўқиш давомида фойдаланиш учун компьютер берилади. Бундан ташқари физика, математика ва инглиз тилидан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўқитувчиларидан қўшимча дарсларда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.

Сурат манбаи: http://aisttv.ru/obshhestvo/testovoj-chasti-na-egje-po-istorii-ne-bud/

Янгилик билан ўртоқлашиш: