Ўзбекистон Қийноқларга қарши конвенциянинг бажарилиши ҳақида ҳисобот беради
Тошкент. 12 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон томонидан “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция низомининг ижро этилиши юзасидан бешинчи миллий маърузаси тайёрланмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Уни тайёрлаш юзасидан тинглов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ташкил этилди.
Президентнинг парламентга Мурожаатномасида Ўзбекистонда бундан буён ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмаслиги алоҳида тўхталиб ўтилди.
Парламент маълумотига кўра, муҳокамада Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Қўмитасининг экспертлар гурухи аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази масъул ходимлари, Олий Суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия вазирлиги вакиллари ҳамда маҳаллий ва марказий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Эслатиб ўтамизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташуббуси билан инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли таъминлаш борасида амалий ҳаракатлар янада кучайтирилди. Хусусан, 2017 йил 30 ноябрь куни президентнинг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унинг доирасида судларда жиноят ишларини кўришда очиқлик тамойилини чекловчи қўшимча талабларни жорий қилиш бекор қилинди.
Сурат манбаи: https://www.wsj.com/articles/violent-crime-in-california-falls-to-lowest-rate-since-1967-1412360177