Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси делегацияси Брюсселда музокаралар ўтказади
Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси делегацияси Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва унинг фаолияти билан танишиш мақсадларида Брюсселга етиб келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ташриф доирасида Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси вакиллари ва экспертлари билан қатор учрашувлар режалаштирилган. Улар доирасида томонларнинг ҳамкорлиги муҳокама қилинади. Ташриф якунлари бўйича қатор муҳим хужжатларни имзолаш режалаштирилмоқда”, - деб таъкидлашди уюшмада.
Бугунги кунда Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси 162 мамлакатга мансуб 328 миллий касаба уюшмаларини бирлаштирган. Улар аъзолари сони 176 млн кишидан зиёд. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси халқаро уюшмага 2015 йил 11 октябрда аъзоликка қабул қилинган.