Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Халкаро касаба уюшмалари конфедерацияси меморандум имзоладилар
Тошкент. 6 июн. ЎзТАГ – Женевада Халкаро касаба уюшмалари конфедерацияси бош котиби Шарон Барроунинг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Танзила Норбоева билан музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Учрашув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келгусидаги фаолият йўналишлари муҳокама этилди. Ушбу мақсадларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ўртасида бандликка кўмаклашиш, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш каби йўналишлардаги ўзаро алоқаларни кўзда тутувчи Меморандум имзоланди”, - деб таъкидлашди Касаба уюшмалари федерациясида.
Эслатиб ўтамизки, ҳозирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига 14 тармоқ касаба уюшмалари, Қорақалпоғистон республика ҳамда Тошкент шаҳар бўлими, 12 вилоят бирлашмалари киради. Уларга жами 6,1 млн киши аъзо.