Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясида ЕИ делегацияси билан музокаралар бўлиб ўтди

Дата: 13:44, 03-05-2016.

Тошкент. 3 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Танзила Норбоева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан бошлиқ делегацияси билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 “Учрашув доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари ва Ўзбекистон Республикасининг Болалар меҳнати бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашининг болалар меҳнати соҳасида халқаро стандартларга доир фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.

Делегация ходимларнинг меҳнат шароитлари, бандлик ва ижтимоий ҳимояни янада такомилаштириш, лавозимли шахсларнинг ушбу йўналишдаги салоҳиятини ошириш ва аҳолининг меҳнат стандартлари соҳасидаги билимларини ошириш чоралари тўғрисида маълумотлантирилди”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясида.

 Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалаларига тўхтала туриб, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Касаба уюшмалари халқаро Конфедерацияси ва Жаҳон банки билан самарали ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди.

 Шунингдек, томонлар ХМТ Конвенцияси Ўзбекистонда қандай бажарилаётгани ҳамда ушбу йўналишда ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумотлар алмашишга келишиб олдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: