Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотининг 173-аъзоси бўлди

Дата: 14:34, 28-11-2018.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Халқаро миграция ташкилотининг (ХМТ) кенгаши Ўзбекистоннинг аризасини қабул қилди, натижада мамлакат ташкилотининг 173-аъзосига айланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ХМТ матбуот хизматининг маълум қилишича, БМТнинг миграция бўйича агентлиги бўлган ташкилотнинг Женевадаги навбатдаги 27 ноябрдаги йиғилишида Ўзбекистоннинг ХМТга аъзолик аризасини қўллаб-қувватлади.

“Ўзбекистонни ХМТ оиласига қабул қилингани билан қутлайман. Мамлакат қадимдан савдо йўллар чорраҳасида жойлашган ва шу учун ҳам азалдан муҳожирлар қатнови гавжум бўлган ҳудудлардан бири бўлган”, - деди ХМТ янги бош директори Антонио Виторино.

Ўзбекистоннинг ХМТга аъзолиги масаласи кенгаш кун тартибига Ўзбекистон ҳукуматининг сўровига мувофиқ киритилган. Ўзбекистон ҳукумати номидан йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Низомов иштирок этди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон бу ташкилотга қўшилган Марказий Осиёдаги энг охирги давлат бўлди.

ХМТнинг ҳисоблашича, чегераларини очаётган Ўзбекистон қўшни мамлакатлар муҳожирлари учун транзит ҳудудга айланмоқда. Республика иқтисодиётининг ўсиши яқинда Ўзбекистонни мигрантлар келиши кутиладиган мамлакатга айлантириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва ХМТнинг ҳамкорлиги 2003 йилда бошланган бўлиб, ўшанда ташкилот ўзбекистонлик одам савдоси қурбонлари ва муҳожирларга тўғридан тўғри ёрдам кўрсата бошлаган эди.

ХМТнинг ташаббуси билан муҳожирларни ҳимоя қилиш Инсон ҳуқулари бўйича Самарқанд декларациясига киритилган. Бу ҳужжат ўтган ҳафта Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида қабул қилинган.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: