Ўзбекистон халқаро молия институтларидан $413,04 млн олади
Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ – 2017 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистон халқаро молия институтлари ва донор мамлакатлар билан қиймати $413,04 млнлик тўрт шартнома имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
CA-NEWSнинг Uzreрortга асосланиб берган хабарига кўра, лойиҳаларнинг умумий қиймати $470,24 млнга тенг.
Молия вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат Ислом тараққиёт банки билан $344,48 млнлик икки келишув имзолаган.
Ўзбекистон ИТБнинг $300 млнлик маблағини “Қишлоқ жойларда замонавий уй-жойларни барпо этиш” лойҳасининг 2-босқичини амалга ошириш учун, $44,48 млн маблағини “Таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш” лойиҳасига жалб қилган.
Иккинчи чоракда таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга Жаҳон банкининг $42,2 млнлик кредити жалб этилган.
Бундан ташқари, Саудия тараққиёт фонди Ўзбекистонга $26,36 млнлик кредит тақдим этди. Ушбу маблағ Косон ва Муборак туман марказлари ва Китоб-Шахрисабз сув йўлига ёндош қишлоқ аҳоли пунктларида сув тизимини реконструкция қилиш лойиҳасига йўналтирилади. Лойиҳанинг қиймати $52,81 млн.
Эслатиб ўтамизки, 2017 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қиймати $611,47 млнлик олти заём шартномаси имзоланган эди.