Ўзбекистон Халқаро Савдо-молия ислом корпорацияси билан $100 млнга келишув имзолади
Тошкент. 13 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида Ўзбекистон ва Халқаро Савдо-молия ислом корпорацияси билан Ҳадли битим имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Имзолаш Халқаро Савдо-молия ислом корпорацияси бош операцион директори Н. Нурдали бошлиқ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Қўмитадан маълум қилишларича, келишув доирасида Халқаро савдо-молия ислом корпорацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси резидентларига экспортолди молиялаштириш, асосий хом ашё товарлари ва бошқа исталган товарлар импортини молиялаштириш ва экспорт бўйича бошқа операцияларга икки йил давомида $100 млн. (йилига $50 млн) миқдоридаги қисқа муддатли кредитлар тақдим этиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу битим Ўзбекистон Республикасининг кейинчалик Халқаро Савдо-молия ислом корпорациясига аъзо бўлиши йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Эслатиб ўтамизки, Халқаро савдо-молия ислом корпорацияси Ислом тараққиёти банки гуруҳи автоном бўлинмаси ҳисобланади. У бутун ислом дунёсида иқтисодий вазиятни яхшилаш учун савдо-сотиқни илгари суриш мақсадида ташкил этилган. Ташкилот ўз фаолиятини 2008 йилда бошлаган.
Корпорация аъзо мамлакатлар компанияларига савдо молияси имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга кумаклашади ва уларга савдо билан боғлиқ зарур воситаларни тақдим этиб, уларнинг жаҳон бозорида муваффақиятли рақобат қилиши учун салоҳиятларини кенгайтиришга ёрдам беради.
Халқаро Савдо-молия ислом корпорацияси ҳар йили ўзига аъзо давлатларга $4-5 млрд. атрофида маблағлар ажратади.
Сурат манбаи: http://medportal.ru/mednovosti/news/2011/10/31/millions/