Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаги ташкил этиш тўғрисидаги келишувни ратификация қилди

Дата: 13:42, 25-04-2016.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаги ташкил этиш тўғрисидаги келишувни ратификация қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2016-йилнинг 23-апрел куни 2011-йил 25-апрелда имзоланган Эрон Ислом Републикаси, Уммон Султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасидаги халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Битим (Ашхобод Битими) кучга кирди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, “хужжат Марказий Осиё мамлакатлари ва Форс кўрфази ҳамда Уммон денгизи портлари ўрасидаги товарларни узлуксиз ташишга ва транзит учун ишончли транспорт йўлагини яратишга йўналтирилган”.

“Битим транспорт ҳаражатларини оптималлаштириш мақсадида юкларни ташиш тезлигини оширишга, шунингдек расмий ҳужжатлар ва тартиб қоидаларни осонлаштириш ва уйғунлаштиришга имкон яратади”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон, Эрон, Уммон, Туркманистон ва Қатар ҳукуматлари ўртасидаги халқаро транспорт йўлагини яратиш тўғрисидаги битим 2011 йил апрелда имзоланган эди. 2013 йилда Қатар томони лойиҳадан чиқишга қарор қилди. 2014 йил августда эса Маскатда (Уммон) Ўзбекистон, Эрон, Уммон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари юқоридаги транспорт йўлагини яратишга доир келишув меморандумини имзолаган эдилар. Ҳозирга келиб меморандум лойиҳага кирган барча мамлакатлар томонидан маъқулланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: