Ўзбекистон Халқ банки мижозлар шахсини бармоқ изи билан тасдиқлаш тизимини жорий этишни режалаштирмоқда

Дата: 13:55, 26-02-2016.

Тошкент. 26 феврал. ЎзТАГ – 2016 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Халқ банки мижозлар шахсини бармоқ изи билан тасдиқлаш тизимини жорий этишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Банк сайтидаги маълумотда айтилишича, ушбу тизим дунёдаги етакчи банклар мисолида депозит операциялари хавфсизлигини ошириш мақсадларида омонатчиларни таниш тизимини такомиллаштиришга имкон беради.

“Мижознинг бармоқ изини олиш вақти 1 дақиқани ташкил этади. Идентификация қилинган маълумотлар банк сири ҳисобланиб, ушбу маълумотлар ошкор қилинмайди”, - дейилади хабарда.

Бармоқ излари мижознинг бошқа маълумотлари билан бирга банк маълумотлар базасида сақланади ва энг янги биометрик технологияларга мувофиқ шахсни тасдиқлашнинг қўшимча шакли саналади.

“Мижозларни “бармоқ изи” бўйича шахсини индентификатсия қилиш, шунингдек, банк операцияларини ўтказишда паспорт ёки бошқа ҳужжатлар йўқолган ёки бошқа ҳолатларда мижозлар шахсини тасдиқлаш мақсадида қўлланади”, - деб кўрсатилади хабарда.

Жисмоний шахсларни “бармоқ изи” асосида омонат операцияларини бажариш синов лойиҳаси Халқ банкининг Олмазор ва Юнусобод филиалларида синовдан муваффаққиятли ўтди.

Таъкидланишича, мижозлар шахсини тасдиқлашнинг ушбу тизими омонатчилар манфаатларида омонатчи хабарисиз унминг омонатларига боғлиқ фирибгарликнинг олдини олиш мақсадларида жорий этилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: