Ўзбекистон Халқ банки “Золотая Корона”нинг ҳамкори бўлди

Дата: 10:28, 22-08-2014.

Тошкент. 22 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Халқ банки “Золотая Корона”нинг янги ҳамкорларидан бири бўлди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу тўғрисидаги маълумот “Золотая Корона” тизимининг сайтида жойлаштирилган.

Эндиликда “Золотая Корона” пул ўтказишларини Халқ банкининг республика барча ҳудудларидаги 172 шахобчаларидан бирида амалга ошириш мумкин.

“РИА Рейтинг”нинг тадқиқотига мувофиқ, банк активлари миқдори бўйича МДҲнинг ТОП-200 кредит ташкилотлари сирасига киради. Муассаса активлари миқдори 2013 йилда 16% ўсган (рейтингнинг 166 ўрини).

“Ўзбекистон Республикаси Халқ банки билан иш бошлар эканмиз, биз мижозларимизнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш учун янги имкониятлар очмоқдамиз”, - деб таъкидлади “Золотая Корона – Денежные переводы” хизмати директори ўринбосари Олеся Федорова воқеани шарҳлар экан.

“Золотая Корона” тизими орқали пул ўтказишларини АҚШ долларларида олиш мумкин. Ўтказмаларни Озарбайжон, Беларусь, Вьетнам, Греция, Грузия, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Мўғилистон, Непал, Россия, Тожикистон, Туркия, Украина ва Чехиядан жўнатиш имконияти мавжуд.

Ўтказмалар манзилсиз шаклда амалга оширилади. Ўтказма мақомини on-line режимида www.perevod-korona.com сайтида кузатиш мумкин.

Эслатиб ўтамизки, бугунда Халқ банки Ўзбекистондаги энг йирик универсал банклардан биридир. 2013 йилда банк ялпи капитали 35,4 млрд сўмга ёки 12,9 % ўсиб, 309,8 млрд сўмга етди. Банк филиаллари тармоғи 14 ҳудудий, 184 туман (шаҳар) бўлимлари, 188 мини-банк ва 2,6 мингдан зиёд бўлинма ва махсус кассалардан иборат.

$1 = 2344,38 сўм.

Янгилик билан ўртоқлашиш: