Ўзбекистон халқи ҳар қандай ёвузлик кучларига қарши тура олади – Ислом Каримов
Тошкент. 22 март. ЎзТАГ – Президент Ислом Каримов Наврўзга бағишланган тантаналарда қилган чиқишида бугунда Ўзбекистоннинг мардона ва матонатли халқи ҳар қандай ёвузлик кучларига қарши тура олади, дея таъкидлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бугун мана шу файзли майдонда жамулжам бўлган сиз, азизларни қутлаб, сизларнинг тимсолингизда аввало Ўзбекистонимизни янада обод ва фаровон қилиш йўлида ўзининг мардона меҳнати ва матонати билан улкан ҳисса қўшаётган, эришаётган ютуқ ва марралари билан барчани қойил қолдираётган, ёвуз кучларга бош эгмайдиган, ўз қадр-қимматини, мустақиллигини юксак баҳолайдиган, бағрикенг халқимизни кўраман. Ва шу юксак минбардан туриб, шундай олижаноб фазилатлар соҳиби бўлган халқимиз олдида таъзим қиламан”, - деди давлат раҳбари.
Ислом Каримов, Ўзбекистон ёшларига мурожаат қилар экан, “Бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлмиш Ўзбекистон ёшларига қарата айтмоқчиман: бошимиздан кечираётган, шиддат билан ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган давр барчамизнинг, биринчи навбатда, сиз, азиз фарзандларимизнинг олдига замонавий билим ва касб-ҳунарларни, интеллектуал бойликларни чуқур эгаллаш, шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини янги босқичга кўтариш, иқтисодиётимизни янгилаш, модернизация ва диверсификация қилиш, буларни тараққиётимизнинг локомотивига айлантириш каби вазифаларни қўймоқда”, - деб таъкидлади.
“Айни шу улкан долзарб мақсадларга эришиш йўлида сиз, азизларнинг халқимиз, Ватанимизнинг ишончини оқлашга қодир эканингизга ишонаман ва барчангизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман”, - деб таъкидлади президент.