Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов оламдан ўтди

Дата: 10:45, 31-05-2016.

Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда оғир хасталикдан сўнг XX аср ўзбек поэзиясининг классикларидан бири Халқ шоири Эркин Воҳидов 80 ёшида оламдан ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида илк хабарлар душанба куни кечаси ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ЎзТАГ мухбирига шоирнинг вафоти тўғрисидаги хабарни тасдиқлашди.

Эслатиб ўтамизки, Эркин Воҳидов XX аср ўзбек замонавий шеъриятининг ёрқин вакилларидан биридир. Ziyouz.uz адабий портали маълумотларига кўра, Эркин Воҳидов 1936 йили 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида таваллуд топган. 1955 йилда Тошкент Давлат университетининг Ўзбек филологияси факультетига ўқишга киради. Ўқишни тугаллагач, 1960 йилдан бошлаб “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1960-63, 1975-82), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1963-70), директор (1985- 87), “Ёшлик” журналининг илк бош муҳаррири (1982-85) вазифаларида ишлаган.

Эркин Воҳидов болалик даврларидан бошлаб шеърлар ёза бошлаган. Унинг биринчи шеърий тўплами - “Тонг нафаси” 1961 йилда чоп этилган. Кейинги йилларда шоирнинг “Қўшиқларим сизга” (1962), “Юрак ва ақл” (1963), “Менинг юлдузим” (1964), “Акс садо” (1965), “Лирика” (1966), “Ёшлик деъвони” (1969), “Муҳаббат” (1976), “Келажакка мактуб” (1983), “Муҳаббатнома” ва “Садоқатнома” (1986), “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” (1992) ва бошқа шеърий тўпламлари чоп этилди. Шоирнинг энг машҳур шеъри “Ўзбегим” шеъридир. Унда ўзбек халқининг тарихи ва характери ҳақида сўз боради.

1999 йилда Эркин Воҳидовга Ўзбекистон Қахрамони унвони берилган. 1997 йилда шоир “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди. Шунингдек, у 1997 йилда Хамза номидаги Давлат мукофотининг лауреати бўлди.

ЎзТАГ агентлиги муҳарририяти Эркин Воҳидовнинг оила аъзолари ва яқинларига шоир вафоти муносабати билан чуқур таъзиясини билдиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: