Ўзбекистон-Хитой ташқи сиёсий муассасалари сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказдилар

Дата: 22:37, 15-06-2015.

Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Яқинда хитойнинг Жичжао шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 13-раунди бўлиб ўтди. Унда Хитой томонидан ХХР ташқи ишлар вазири ўринбосари Чен Гопин бошчилигидаги делегация иштирок этди, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Мулоқот доирасида иккитомонлама алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳамда 2013-йилнинг сентябр ойида Ўзбекистонда ва 2014-йилнинг май ойида Хитойда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди”, – дейилади хабарда.

Учрашувда мунтазамлик касб этган Ўзбекистон-Хитой сиёсий мулоқоти ҳамкорликнинг барча соҳаларида икки давлат ўртасидаги стратегик шерикчиликнинг серқирра муносабатларини изчиллик билан ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга замин яратиши қайд қилинди.

“Ташрифнинг иккинчи куни Жичжао шаҳрида Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик бўйича қўмитасининг 3-мажлиси ва Ўзбекистон-Хитой бизнес-форуми очилади. Ушбу тадбирларда савдо-иқтисодий, молия ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, 2007-йилдан буён ўзаро савдо айланмаси қарийб 6 баробарга ошиб ҳозирда $5.2 млрдни ташкил этади”, – дейилади ТИВ хабарида.

Бундан ташқари, учрашув давомида томонлар маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳамда глобал ва минтақавий муаммолар кўриб чиқдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: