Ўзбекистон Хитойга анор экспорт қилишни бошлайди

Дата: 13:37, 05-11-2019.

Тошкент. 5 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон Хитойга анор экспорт қилишни бошлайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўздавкарантин" давлат инспекцияси маълумотларига кўра, келишув Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцяннинг 1-2 ноябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистондан учинчи давлатлар ҳудуди орқали Хитойга транзит орқали мева автомобил транспортида олиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Қайд этилганидек, ўзбекистонлик тадбиркорлар Хоргос ва Алашанькоу чегара пунктлари орқали, шунингдек, Қирғизистон орқали Иркиштом ва Тургарт чегара пунктлари орқали Қозоғистон ҳудуди бўйлаб автомобил транспортида мева экспорт қилишлари мумкин.

Шартномаларда экспорт қилинадиган маҳсулотлар ва анор экспортчиларига нисбатан асосий талаблар белгиланган. Талабларга риоя қилмаслик чегара назорат пунктларига олиб келинган товарларни ортга қайтаришга олиб келиши мумкин.

Айни пайтда, Хитойга гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, тозаланган ёнғоқ, ширин ва аччиқ бодом, узум данаклари, кунжут, майиз, ўрик қоқиси экспорти рухсат этилади. Шунингдек, узум, лимон, хурмо, олма, анжир, олхўри, шафтоли, тарвуз, пиёз, ловия, арахис ва қуритилган аччиқ қалампир экспортига рухсатномалар бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Сурат манбаи: agromart.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: