Ўзбекистон Хитойни геоинформацион технологиялар соҳасида ҳамкор сифатида кўради
Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитасида Тзянсу провинцияси “Геодезия ва геоинформатизация” Бюроси бош директори ўринбосари Ван Сян бошчилигидаги Хитой делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Учрашув доирасида “Геодезия ва геоинформация” соҳасида эришилган амалий тажрибалар юзасидан фикр алмашилди. Бундан ташқари, томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида Хитой делегацияси келгусида бўлиб ўтадиган лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга, шунингдек, Ўзбекистон билан Геоахборот технологиялари соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга умид билдирди.
Маълумот ўрнида, Тзянсу провинцияси “Геодезия ва геоинформатизация” Бюроси бош директори ўринбосари Ван Сян бошчилигидаги Хитой делегацияси Самарқанд вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига ташриф буюрди.
Бу ерда бўлиб ўтган учрашувда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ҳамда “Самарқанд аэрогеодезия” давлат унитар корхонасидан келган мутахассислар иштирок этдилар.
Учрашув давомида Хитой Халқ Республикаси томонидан геоинформацион тизимда амалга оширилган амалий ишлар бўйича кенг тушунтиришлар бериб ўтилди.
Сурат манбаи: http://kartografiya.uz/ru/pages/products/62