Ўзбекистон хорижий инвесторларни тоғ туризми инфраструктурасини ривожлантиришга жалб қилиш ниятида

Дата: 15:52, 09-11-2017.

Тошкент. 9 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси  Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хорижий инвесторларни тоғ туризми инфраструктурасини ривожлантиришга жалб қилиш ниятида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов бошлиқ делегациянинг Туркиянинг тоғли курортлари билан танилган Бурса вилоятига ташрифи ҳам шу масалага бағишланди.

Республика Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, делегация Бурсадаги тоғ туризми инфратузилма объектлари, шу жумладан, кабинали тоғ дор йўли, Улудаг ҳудудидаги қишки туризм объектлари, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар билан танишди.

Шунингдек, TELEFERIK HOLDING компанияси вакиллари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Маълумки ушбу компания давлат-хусусий ҳамкорлиги шартларида дунёдаги энг узун (22 км) Bursa Teleferik арқонли йўлини қурган ва ундан фойдаланади. 

Учрашувда Чимён ва Чорвоқ рекреатсион зонасида тоғ дор йўли иншоотларни барпо этиш бўйича лойиҳа таклифлари мухокама қилинди.

Келишувларга мувофиқ, TELEFERIK HOLDING ва Австриянинг LEITNER компаниялари раҳбарлари ва муҳандислари жорий йилнинг 23-27 ноябр ойида Ўзбекистонга ташриф буюришади.

Ташриф давомида Ўзбекистонда ҳудди шундан туризм объектларини барпо этиш лойиҳалари амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: