Ўзбекистон хорижий компанияларга сабзовот ва мевалар харидини осонлаштиради

Дата: 17:09, 16-03-2016.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – “Ўзулгуржисавдоинвест” Ассоциацияси Ўзбекистонга турли мевасабзовот маҳсулотларини улгуржи савдо қилиш билан шуғулланувчи етакчи хорижий компанияларни жалб қилиш мақсадида янги савдо майдончасини яратиш ниятида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Время Востока” лойиҳасининг маълумотларига кўра, бу ҳақида журналистларга уюшма вакиллари маълум қилганлар.

“Биз республикада илк ҳам кўргазма, ҳам бизнес форум вазифаларини бажарувчи майдончани ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. “Ўзбекистон мева сабзовотлари” деб номланувчи майдончага етакчи хорижий савдо ташкилотлари, йирик қайта ишлаш корхоналари, транспорт компаниялари вакиллари, ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва аграр соҳа вакиллари таклиф этиладилар”, - деб таъкидлади “Ўзулгуржисавдоинвест” Ассоциацияси вакили.

Хорижликларга мева сабзовотларни сотиб олиш учун барча зарур шароитлар яратилади.  

Ушбу амалиёт бошқа соҳаларда ўзини тўлиқ оқлади. Бунга мисол қилиб ўн йилдан бери ўтказилаётган Халқаро пахта ярмаркасини олиш мумкин.

“Бу ҳар жиҳатдан қулай бўлади. Харидорлар бир йилда бир марта бир неча кунга Тошкентга келиб бир майдончада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаручилар, транспортчилар, божхона, солиқчилар, бошқа давлат ташкилотлари вакиллари билан учрашган ҳолда, зарур масалаларни келишиб оладилар”, - деб таъкидлади ассоциация вакили.

Эслатиб ўтамизки, “Ўзулгуржисавдоинвест” Ассоциацияси мамлакатда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини йиғиш ва сақлаш билан шуғулланади. Бундан ташқари у ушбу маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш ишларини ҳам амалга оширади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: