Ўзбекистон хусусий мулкнинг дахлсизлигини кучайтиради

Дата: 15:29, 28-06-2018.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда хусусий мулк ҳуқуқини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу тадбиркорлик субъектларининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлаш мақсадида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси билан кўзда тутилмоқда.

Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари тарафидан кўриб чиқилди. Парламентдан хабар беришларича, қонун лойиҳаси билан хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини, лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик қилишга ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш, умуман қонуний тадбиркорлик фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтириш белгиланмоқда.

Депутатларнинг фикрига кўра, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшиланишига, иқтисодиёт тармоқларига инвестициялар жалб этишни фаоллаштиришга, пировардида халқимиз фаровонлигини таъминлашга имкон беради.

Сурат манбаи: http://itemcon.com/operative-it-beratung/

Янгилик билан ўртоқлашиш: