Ўзбекистон Кичик бизнесни қўллаб қувватлаш фонди Хитойда ваколатхона очади

Дата: 20:32, 02-06-2017.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Яқин орада Ўзбекистон Кичик бизнесни қўллаб қувватлаш фонди Хитойда ўз ваколатхонасини очади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Фонд мутахассислари Вэйхай шаҳри импортчилари палатаси ва ShinDaDong компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказдилар. Унда хитой томони Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирди.

“Фонд ҳозирда Россия, Жанубий Корея, Италия, Болгария, Швейцария, Германия ва Испанияда ваколатхоналарга эга. Яқин истиқбода эса фонд Латвия, Сингапур, Португалия, Чехия, Люксембург, Польша, Буюк Британия, Қувайт ва бошқа мамлакатларда ваколатхоналар очишни режалаштирмоқда”, - деб таъкидлашди фонд матбуот хизматида.

Хориждаги ваколатхоналарнинг асосий вазифалари маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, ўзбек маҳсулотлари импортчиларини топиш, маҳаллий брендларни хориж бозорида илгари суриш, Ўзбекистон тадбиркорларининг кўргазма, ярмарка, тендерларда иштирокига кўмаклашишдан иборат.

Бундан ташқари, фонд хориж импортчиларининг Ўзбекистонга ташрифларини уюштириш, халқаро сертификат, лицензия ва бошқа рухсатномалар олишга кўмаклашиш, ўзбек саноат корхоналарини мутахассисларининг хорижий стажировкаларини ташкил қилиш билан ҳам шуғулланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: