Ўзбекистон КХДРни таҳдидли ҳаракатлар қилишдан тийилиб туришга чақирди

Дата: 18:16, 04-09-2017.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон КХДРни таҳдидли ҳаракатлар қилишдан тийилиб туришга чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) республика ТИВ баёнотига асосланган ҳолда.

“Ўзбекистон Корея Халқ Демократик Республикаси томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциясини қўпол тарзда бузиб, 2017 йил 3 сентябрда амалга оширилган навбатдаги ядро синовларини ташвиш билан қабул қилди”, - дейилади ТИВ сайтда жойлаштирилган баёнотда.

Ўзбекистон Пхеньянни жаҳон ҳамжамияти фикрига қулоқ тутишга чақиргани таъкиблаб ўтилган.

“Ўзбекистон Шимолий Кореянинг мазкур ҳаракатини Корея яриморолида тинчлик ва ишончни ўрнатишга қаратилган интилишларга зид деб ҳисоблайди ва Пхенянни жаҳон ҳамжамияти фикрига эътибор беришга, тарангликни кучайишига олиб келувчи ҳамда минтақа ва жаҳон хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид солувчи провокацион ҳаракатлардан тийилишга чақиради”, - дея таъкидланади хабарда.

Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудудни яратиш ташаббускори сифатида Ўзбекистон ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги Шартнома қоидаларига қатъий риоя этиш тарафдори бўлиб, уни қўллаш таҳдидини камайтириш масалаларига катта эътибор бериши қайд этиб ўтилган.

“Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг Корея яриморолидаги вазиятни тартибга солишга қаратилган чора-тадбирларини қўллаб-қувватлайди ҳамда муаммони фақат сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал этилишига умид билдиради”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 3 сентябрда КХДР қитъалараро баллистик ракетанинг ядро каллагини муваффақиятли синовдан ўтказди. Синовдан ўтган водород заряди қитъалараро баллистик ракетанинг ядро каллаги сифатида ишлатилиши мумкинлиги хабар қилинган. Шу сабабли ҳалқаро ҳамжамият ушбу синовга қатъиян салбий муносабат билдирди. Вашингтон ва Сеул Пхеньяннинг ҳаракатларига ҳарбий жавоб беришлари эҳтимолини маълум қилдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: