Ўзбекистон Корея ва Япония билан ёнғин хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни кучайтиради
Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти Корея Республикаси ва Япониянинг шу соҳага масъул муассасалари билан меморандумлар имзолашни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти Корея Республикаси Маъмурий бошқарув ва хавфсизлик вазирлигининг Ёнғин хизмати миллий Академияси ҳамда Япония Ёнғин ва фавқулодда ҳолатлар агентлиги Токио Ёнғин хизмати агентлиги Академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Меморандум лойиҳаси ҳам тақдим этилди.
Ҳамкорлик имкониятлари ўзбек таълим муассасасига Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси консули Ким Ёнг Хён ва Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчисининг маслаҳатчиси Суда Асуши бошчилигидаги делегация ташрифлари доирасида муҳокама қилинди.
Меҳмонларни Институт бошлиғи, генерал-майор А. Қўлдошев қабул қилди. У меҳмонларни таълим муассасасининг бугунги кундаги фаолияти ҳамда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништирди.
Мулоқот чоғида ИИВ ЁХИ делегациясининг Корея Республикаси ва Японияга ташрифи масалалари муҳокама қилинди.
Сурат манбаи: http://www.kleck.by/?p=20496