Ўзбекистон корпоратив бошқарувга бозор хусусияти бермоқда

Дата: 17:49, 27-01-2016.

Тошкент. 27 январ. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимига ёндашувни тубдан ўзгартириш, унга бозор хусусияти бериш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Бу ҳақида мамлакат президентининг Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 январдаги якуний мажлисидаги маърузасида таъкидлаб ўтилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Барча акциядорлик жамиятларининг фаолияти тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди, натижада 462 та жамиятни ёки уларнинг 43 фоизини тугатиш ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга ўзгартириш тўғрисида қарорлар қабул қилинди”, - деб таъкидланади хужжатда.

Президентнинг сўзларига кўра, “Корхоналарни корпоратив бошқариш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида акциядорлик жамиятларининг янги намунавий тузилмаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди”. “Шу тариқа, замонавий корпоратив бошқарув тизими талабларини инобатга олган ҳолда, Лавозим ва касбларнинг янги классификатори ишлаб чиқилди ва тасдиқланди, унга бозор иқтисодиёти талабларига мос келадиган 566 та янги тоифа киритилди”, - деб давом этди давлат раҳбари.

“Ана шу классификатор асосида раҳбарлар таркиби аттестациядан ўтказилди. Раҳбар кадрларнинг корпоратив бошқарувнинг замонавий усул ва принциплари, менежмент ва маркетинг бўйича билимларини баҳолаш ушбу синовнинг асосий мақсади қилиб қўйилди. Унинг натижаларига кўра, аттестация қилинган 721 нафар раҳбар ходимнинг ярми – 49 фоизи аттестациядан ўтган бўлса, уларнинг ҳар учинчиси аттестациядан шартли равишда ўтказилган, 20 фоизи ёки ҳар бешинчи раҳбар эса эгаллаб турган лавозимига лойиқ эмас, деб топилган”, деб таъкидланади маърузада.

Шунингдек, бўшаб қолган раҳбарлик лавозимларига пухта билимга эга бўлган, замонавий менежмент ва маркетинг усулларини амалда қўллай оладиган ёш мутахассислар тайинлангани ҳам айтиб ўтилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: