Ўзбекистон куч тизимлари Фарғонада валюта сотувчиларга қарши рейдлар ўтказдилар
Фарғона. 28 сентябр. ЎзТАГ – Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимларининг Фарғонада ўтказган қўшма оператив тадбирлари доирасида хорижий валюта сотиш билан шуғулланган бир неча киши ҳибсга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, тезкор гуруҳ валюта сотиш пайтида Марғилон шаҳрида яшовчи Толибжон Салиев ва Ғолибжон Эргашевларни далиллар билан биргаликда қўлга олди.
“2017 йил майда ноқонуний валюта савдоси учун жазоланган Т.Салиев ва Ғ.Эргашевлар ўтмишдан тегишли хулоса чиқармаган ҳолда, ноқонуний фаолиятларини давом эттирганлар. Бунинг натижасида $7 мингни 53,9 млн сўмга сотишга уринишган пайтида қўлга олиндилар”, - дейилади куч тизими хабарида.
Шунингдек, тезкор гуруҳ томонидан Фарғона вилояти Бешариқ туманида истиқомат қилувчи Дилбаржон Бердиқулов ва Умиджон Эргашевлар ҳам $7850 сотишда ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бўйича департаментнинг Фарғона вилоят бўлими Т.Салиев, Ғ.Эргашев ва Д.Бердиқулов ва У.Эргашевларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 2-қисми (валютани ноқонуний равишда сотиб олиш ёки сотиш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов олиб борилмоқда.