Ўзбекистон куч тизимлари наркокурьерларни қўлга олдилар
Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари томонидан ўтказилган оператив-қидирув тадбирлари доирасида наркотик моддалар контрабандасини йўлга қўйишга уриниш билан боғлиқ икки ҳолатга чек қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
МХХ Сурхандарё вилояти бўйича бошқармасининг ходимлари ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда махсус операция ўтказиб, унинг доирасида Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси Абдулло Аҳмадкамол ўғли давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уриниш чоғида қўлга олинди.
“Наркокурьер қўлбола сузиш воситаси кўмагида Амударёни кечиб ўтган ва Ўзбекистон ҳудудига кирган. Қўлга олинган шахс ёнидан халта топиблди. Экспертиза маълумотларига кўра, унда 6 килограмм 965 грамм опий моддаси ва 2 килограмм атрофида гашиш моддаси бўлган”, – дейилади хабарда.
Наркотик моддаларни ташиш билан боғлиқ яна бир ҳолатга МХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари ҳаракатлари натижасида чек қўйилди. Жумладан, Сурхандарё-Тошкент автомагистралида антинаркотик рейд доирасида “Нексия” автомобили тўхтатилди. Уни аслида Денов шаҳридан бўлган, ҳозирда пойтахт вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи 41 ёшли Икром Азизов бошқараётган бўлган.
Автотранспортни синчковлик билан текшириш жараёнида унинг ҳаво фильтри бакидан наркотиклар мавжуд бўлган 14 полиэтилен ўрамлар топилиб, процессуал тартибда олиб қўйилди. Экспертиза натижаларига кўра, топилган афюн моддасининг оғирлиги 962 граммга тенг бўлган.
Қўлга олинганларга нисбатан жиноят ишлари очилди.