Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ахборот ҳимоясига доир сўров ўтказди

Дата: 17:45, 12-10-2015.

Тошкент. 12 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг социолог олимлари билан биргаликда ёшларнинг ахборот жиҳатдан ҳимояланганлиги ҳолатини ўрганиш мақсадида социологик тадқиқот ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ЎзЛиДеПдан хабар қилишларича, сўров натижалари депутатлар, партия “Ёшлар қаноти” вакиллари, фаоллари, соҳа олимлари ҳамда талаба-ёшлар иштирокида муҳокама қилинди.

Тадқиқот интернетдан хавфсиз фойдаланиш, аҳолининг талаб ва истаклари, эхтиёжларини ўрганган ҳолда янги илмий хулосалар бериш ҳамда ёш авлод тарбиясига кенг жамоатчиликни бирдай жалб қилишга ёрдам берди.

Учрашувда бугунги глобаллашув шароитларида ёшлар ҳаётини интернетсиз тасаввур қилиб бўлмаслиги таъкидланди. Хусусан, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 10 бараварга ошди. Агар 2007 йилда фойдаланувчиларнинг сони 1 млнни ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич 10 млндан ёки мамлакат аҳолисининг қарийб 32% етди.

Сўровда барча вилоятлардан 2,6 минг нафарга яқин респондентлар иштирок этди. Унда иштирок этган респондентларнинг 91,7% интернетдан фойдаланишини тасдиқлади. Тадқиқот интернетдан фойдаланувчиларнинг ярми мобил телефон, учдан бир қисми – шахсий компьютер орқали интернетдан фойдаланиши, ҳар олтинчи фойдаланувчи интернет-кафе хизматларидан фойдаланишини кўрсатди.

Муҳокама доирасида иштирокчилар ЎзЛиДеП “Ёшлар қаноти” учун Интернет тармоғидан оммавий фойдаланиш жойларида жамоатчилик назоратини кучайтириш ва шу орқали, интернетдан хавфсиз фойдаланишни таъминлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: