Ўзбекистон маҳаллий дори ишлаб чиқаришни рағбатлантиради

Дата: 16:57, 24-01-2018.

Тошкент. 24 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон маҳаллий дори-дармон ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 январдаги “Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш ҳамда олиб киришни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Қарор маҳаллий дори-дармон ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадларида қабул қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар орасида муқобили бўлмаган “in bulk” маҳсулот асосида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат харидларида иштирок этишда хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг худди шундай маҳсулоти қийматидан 20% миқдорида нарх преференциялари тақдим этилади.

Бундан ташқари, 2018 йил 15 апрелдан бошлаб дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг “in bulk” маҳсулотни импорт қилишда, рўйхатдан ўтган тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқариладиган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар қўлланилмайди.

Шунингдек, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга “in bulk” маҳсулот асосида тайёрланган маҳсулотлар қисмига, рўйхатдан ўтган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар 2019 йил 1 январга қадар сақлаб қолинади.

 

Сурат манбаи: https://www.xconomy.com/texas/2015/02/11/fannin-spinout-acelerox-aims-to-halt-immune-attacks-with-nanotech/

Янгилик билан ўртоқлашиш: