Ўзбекистон маҳсулотларни аллергенлар мавжудлигига доир маркировкалаш ҳақида қонун ишлаб чиқади

Дата: 13:31, 28-11-2018.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларида аллергенлар мавжудлигига доир маркировкалаш бўйича илғор мамлакатлар қаторига кириши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Аллергиядан азият чекувчи истеъмолчиларни ҳимоя қилиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги иштирокида ташкил этилган Халқаро молекуляр аллергия маркази халқаро экспертлар билан ҳамкорликда озиқ-овқат маҳсулотларида аллергенлар мавжудлигини маркировка қилиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Озиқ-овқат аллергияси безовта қиладиган беморлар тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муайян аллерген маҳсулотларни уларнинг кунлик таомномаларидан чиқариб ташлаш зарур. Қайси маҳсулотни сотиб олиш мумкин-у, қай бирини харид қилмаган маъқул деган масала эса қадоқлардаги махсус маълумотларнинг тақдим этилиши билан ҳал этилади”, - дейилади хабарда.

Европа Иттифоқининг амалдаги қонунчилигига асосан бугунги кунда 13 турдаги маҳсулотлар аллергенлар мавжудлиги бўйича маркировка қилинади, булар: сут, тухум, ерёнғоқ, ёнғоқ, соя, кунжут, буғдой, хантал, балиқ, қисқичбақа, сельдерей, люпин ва гречихадир. Америка Қўшма Штатлари, Канада, Австралия ва Янги Зеландия каби бошқа мамлакатларда ҳам маркировка бўйича қонунчилик мавжуд. Японияда фақатгина буғдой, гречиха, тухум, ерёнғоқ ва қисқичбақа маркировка қилиниши шарт, аммо 19 та маҳсулот тури “маркировка қилиниши тавсия қилинади” деб кўрсатилган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги дастурига кўра аллергия профилларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг қайси маҳсулотларига аллергияси кўплиги молекуляр даражада аниқланмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, катталарда аллергия ривожланишига сабаб бўлувчи озиқ овқат маҳсулотларидан биринчиси ерёнғоқдир. Ундан сўнг турли хил ёнғоқлар, соя, кунжут, киви ва шафтоли аллергия чиқарувчи маҳсулотлар рўйхатидан жой олган.

Истеъмолчи ҳамиша ҳам нон ва булочка маҳсулотларида, ёрмаларда, глазурь, кремлар, соуслар, газаклар ва қуритилган мевалар аралашмасида ерёнғоқ борлигидан хабари бўлмайди.

Озиқ-овқат маҳсулотларига маркировкани жорий қилиш истеъмолчиларнинг саломатлиги ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг янадюқори даражасини таъминлайди.

Шунингдек, кафе, ресторан ва бошқа жамоат овқатланиш жойларининг таомномаларига таомларда аллергенлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш бўйича тавсиялар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Мазкур тадқиқотлар ЎзР. Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Сурат манбаи: https://lechigastrit.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: