Ўзбекистон МАК россия йўловчи самолётидан фойдаланишни тўхтатди

Дата: 16:58, 02-05-2018.

Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси (МАК) Ил-114-100 самолётларининг тижорий эксплуатациясини тўхтатди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) компания матбуот хизматига таянган ҳолда.

Миллий авиакомпания ривожланиш стратегиясига мувофиқ, ўз авиапаркини замонавий флотга эга авиаташувчи мақомини таъминлаб берувчи ҳаво кемалари билан янгилаш дастурини амалга оширмоқда.

“1-майдан бошлаб самолёт паркини унификациялаш, парвозлар самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш мақсадида авиакомпания Ил-114-100 русумидаги самолётлар эксплуатациясини тўхтатди”, - дейилади хабарда.

“Миллий авиакомпаниянинг ИЛ-114-100 самолётларини эксплуатациядан чиқариш тадбирлари режасига мувофиқ, авиапаркда мавжуд бўлган 6та самолёт сотувга қўйилади. Ил-114-100 самолёти учувчилари МАК томонидан эксплуатация қилинаётган Boeing ва А320 самолётларига босқичма-босқич қайта ўқитилмоқда”, - деб таъкидланади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, авиакомпания Ил-114-100 самолётларидан мамлакат ичидаги йўналишларда фойдаланар эди.

Сурат манбаи: http://motorbi.ru/?cat=216

Янгилик билан ўртоқлашиш: