Ўзбекистон мактабларидаги энг яхши немис тили билимдонлари аниқланди

Дата: 17:18, 11-11-2015.

Тошкент. 11 ноябр. ЎзТАГ – Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси немис тилини ўрганувчилар орасида энг яхши ўқиш бўйича 8-конкурсни ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Элчихонадан маълум қилишларича, конкурс Тошкентдаги Жаҳон иқтисоди ва дипломатияси университетининг “Шайхонтоҳур” академик лицейи биносида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги 20 ҳамкор мактаблар ва шаҳар ва туманлардан танлаб олинган 10 мактаб ўқувчилари иштирок этди.

Конкурсда иштирокчиларнинг ифодали ўқиш ва матнни тушуниш уқувлари баҳоланди. Ҳар бир гуруҳнинг ўз ҳакамлари бўлиб, унга ГФР элчихонаси ва герман ташкилотлари, Гёте-Институт, Хориждаги мактаблар марказий бошқармаси вакиллари кирди.

Натижада, Азиза Каримова (Тошкентдаги 60-мактаб 9-синф, “А” гуруҳи), Бекзод Маматов (Термиздаги 9мактаб 9-синф, “Б” гуруҳи) ва Дилнора Норқулова (Навоий шаҳар 11-мактаб 9-синф, “С” гуруҳи) конкурс ғолиблари бўлдилар.

Ушбу танлов анъанавий бўлиб, немис тилини ўрганишни рағбатлантиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: