Ўзбекистон мамлакатдаги фильмларни суратга олиш учун хорижий кинокомпаниялари харажатларининг 20% ни қоплайди
Тошкент. 15 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон мамлакатдаги фильмларни суратга олиш учун хорижий кинокомпаниялари харажатларининг 20% ни қоплайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле- ва видеофильмлар, клиплар, мультфилмлар, аниме) яратишда хорижий кинокомпанияларнинг харажатларнинг бир қисми («rebate») давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харажатларнинг 20% гача, лекин маҳсулот бирлигига $300 мингдан ортиқ бўлмаган миқдорда қопланади", - дейилади президентнинг "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида.
Шунингдек, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги бадиий тўлиқ метражли, бадиий қисқа метражли, ҳужжатли-хроникал фильмларни лойиҳа қийматининг 30% миқдорида суратга олиш учун грантлар ажратилади, лекин 3 млрд сўмдан ортиқ эмас.
Бундан ташқари, сайёҳлик субъектлари ёки авиакомпанияларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил этиш харажатларининг бир қисми давлат бюджети ва туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан $20 миқдорда қопланади, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) ҳар бир хорижий сайёҳ учун республика ҳудудида камида беш кеча-кундуз бўлиш муддати билан $50 миқдорда қопланади.
Шунингдек, республика ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналишга ихтисослашган тематик овқатланиш пунктларини, шунингдек, "караоке" ва бошқа туристик кўнгилочар муассасаларни ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларининг харажатларининг бир қисми бюджетдан ташқари туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади.
Давлат туризм қўмитасининг таъкидлашича, «Global Tourism And Travel Competitive Intelligence Research» тадқиқотига кўра, 2015 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда фильмлар шарофати билан бутун дунё бўйлаб 80 млндан ортиқ киносаёҳатчилар саёҳат қилдилар. 2018 йилда киносаёҳат учун асосий йўналишлар БАА, ХХР, АҚШ, Япония, Греция, Грузия ва бошқа давлатларнинг шаҳарлари бўлди.
Бугунги кунда дунёнинг 97 минтақасида давлат "Rebate" тизими бўйича хорижий кинокомпаниялар учун 10% дан 35% гача харажатларни қоплаш имтиёзлари берилади.
Сурат манбаи: moika78.ru