Ўзбекистон Марказий банки банклар ликвидлигига қўйиладиган талабларни ўзгартирди

Дата: 16:09, 10-07-2017.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки “Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги Низомга тегишли ўзгартириш киритган ҳолда банклар ликвидлигига қўйиладиган талабларни ўзгартирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Жумладан, мазкур низомнинг 43-банди янги меъёр билан бойитилди. “Банклар мажбуриятларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида лаҳзали ва жорий ликвидлилик меъёрларини бажаришлари лозим. Хусусан, “жорий ликвидлилик коэффициенти жорий активлар суммасини (тўлов муддати 30 кунгача бўлган банкнинг ликвидли активлари ва қўйилмалари, бундан муддати узайтирилган ёки қайтариш муддати ўтган кредитлар мустасно) жорий мажбуриятлар (талаб қилиб олингунча ва ижро этиш муддати 30 кунгача бўлган мажбуриятлар) суммасига нисбати орқали аниқланади ва 30%дан кам бўлмаслиги лозим”, - дейилади МБ хабарида.

Шу билан бирга, банк назоратчисининг маълумотларига кўра, лаҳзали ликвидлилик коэффициенти банк кассасидаги нақд пул ва бошқа тўлов ҳужжатлари ҳамда банкнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги ҳисобварақларидаги маблағлари (бундан Марказий банкдаги мажбурий захира ҳисобварағи ва мажбурий захиралар депозитларидаги маблағлар мустасно) суммасини ушбу Низомга илова қилинган ҳисобварақларнинг қолдиқлари – талаб қилиб олингунча мажбуриятлар суммасига нисбати орқали аниқланади.

“Лаҳзали ликвидлилик коэффициентини ҳисоблашда фақат Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги маблағлар инобатга олинади. Лаҳзали ликвидлилик коэффициенти 2017 йил 1 августдан бошлаб 10%дан, 2017 йил 1 ноябрдан бошлаб 15%дан, 2018 йил 1 январдан бошлаб 20%дан кам бўлмаслиги лозим”, - дея таъкидлашди Марказий банк матбуот хизматида. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: