Ўзбекистон Марказий банки миллий валютани бирданига 192,38% девальвация қилди

Дата: 10:00, 05-09-2017.

Тошкент. 5 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки миллий валютани бирданига 192,38% девальвация қилиб, унинг курсини $1 эвазига 4210,35 сўмдан (29 августда) 8,1 минг сўмгача (5 сентябрдан) туширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзб Р. МБ маълумотига кўра, евро курси 9645,48 сўм (ўтган ҳафтадаги курсдан 4678,6 сўм юқори) рубль курси – 139,91 сўм (68,73 сўм юқори) қилиб белгиланган.

“2003-2017 йиллардаги курсга таъсир қилувчи омиллар динамикаси таҳлили асосида, шунингдек, банклар томонидан импортчи-корхоналарга келишилган курс бўйича хорижий валютани реализация қилиш бўйича синов савдолари натижаларини ҳисобга олиб, ҳозирги вақтда валюта курсининг тақрибий мў’тадил курси $1 учун 8000-8150 сўмни ташкил этади”, - дейилади МБ хабарида.

Тушунтирилишича, “Марказий банк курси, аввалгидек, ҳафта давомида валюта биржаси савдолари чоғида қайд этилган курсларнинг ўртача миқдори сифатида ҳар душанба куни белгиланади ва Ўзбекистон ҳудудида валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун қўлланилади”, - дея таъкидланади банк назоратчиси хабарида.

“Ўзбекистон Республика валюта биржасидаги хорижий валюта олди-сотдиси бўйича банклараро савдо сессиялари ҳар куни ўтказилади, унда валюта курси хорижий валютага нисбатан жорий талаб ва таклиф нисбатидан келиб чиқиб белгиланади ва валюта биржаси сайтида эълон қилинади”, - дейилади яна хабарда.

Олдин хабар қилингани каби, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрда “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, фуқаролар алмаштириш пунктларида хорижий валютани бозор курси бўйича сотишлари ҳамда конверсион карталарга хорижда фойдаланиш учун чекловларсиз харид қилишлари мумкин.

Фармонга мувофиқ, миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини белгилаш фақатгина бозор механизмларини қўллаш орқали амалга оширилади. Хорижий валюта олди-сотдисида фоиз миқдори тижорат банклари тарафидан мустақил равишда белгиланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: