Ўзбекистон Марказий банки миллий валютанинг америка долларига нисбатан курсини саккизинчи ҳафта кетма-кет сезиларли даражада пасайтирмоқда

Дата: 11:43, 24-11-2015.

Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки миллий валютанинг америка долларига нисбатан курсини саккизинчи ҳафта кетма-кет сезиларли даражада пасайтирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бугун Марказий банк сайтида курс $1га 2735,74 сўм даражасида белгиланди, бу эса ўтган ҳафтадагидан 14,62 сўмга ошиқ (17 ноябрдан 2721,12 сўм).

Айни пайтда ўзбек миллий валютаси курсининг пасайиши анчадан бери давом этмоқда. Хусусан, 6 октябрдан курс 14,08 сўмга, 13 октябрдан 14,14 сўмга, 20 октябрдан 14,23 сўмга, 27 октябрдан 14,3 сўмга, 3 ноябрдан 14,38 сўмга, 10 ноябрдан 14,46 сўмга, 17 ноябрдан 14,53 сўмга, 24 ноябрдан 14,62 сўмга пасайди.

Агар ушбу динамика бундан кейин ҳам сақланиб қолса, тез орада курс ҳафтасига 15 сўм ва ундан кўпга тушиши мумкин.

Йил бошидан бери сўм америка долларига нисбатан деярли 11,3%, йил бошидаги 2422,4 сўмдан 24 ноябрга келиб 2735,74 сўмгача пасайди.

Эслатиб ўтамизки, 29 сентябрга қадар миллий валюта америка долларига нисбатан ҳафтасига тахминан 5 сўмга тушаётган эди.

Ўзбекистон Марказий банки миллиф валюта курсларини ҳар сешанба куни белгилайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: