Ўзбекистон Марказий банки транспорт экспедицияси шартномалари бўйича тушунтириш берди

Дата: 15:57, 26-09-2017.

Тошкент. 26 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки мамлакат ҳудудида транспорт экспедицияси шартномалари бўйича чет эл валютасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тўғрисида тушунтириш берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5177-сонли фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар (иш ва хизмат)лар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланади, халқаро тажрибага мувофиқ халқаро тўлов карталари орқали тўловлар бундан мустасно”, - дейилади банк назоратчиси хабарида.

“Шунингдек, ушбу фармон билан товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши қайд этилган. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транспорт экспедицияси шартномалари (юкларни етказиб бериш манзилидан қатьий назар) бўйича ҳисоб-китоблар фақат Ўзбекистон Рспубликаси миллий валютасида амалга оширилиши лозим. Ўз навбатида, чет эллик юк ташувчиларнинг хизматлари учун тўловни амалга ошириш жорий халқаро операция ҳисобланади ва у бўйича резидент юридик шахслар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 10 июлдаги 294-сон қарори билан тасдиқланган “Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида низом”га асосан амалга оширилади”- дейилади Марказий банк хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: