Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Халқаро киномиссия ассоциациясининг расмий аъзоси бўлди

Дата: 14:37, 20-05-2019.

Тошкент. 20 май. ЎзТАГ - Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Халқаро киномиссия ассоциациясининг (AFCI) расмий аъзоси бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси маълумотларига кўра, Marche du Film кинобозорида AFCI президенти Жесс Коноплиа Ёшлар иттифоқи ва Давлат туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюрди.

Ж. Коноплиа Ўзбекистон миллий кино комиссиясининг тегишли сертификатини топширди. Қайд этилдики, Ўзбекистон ушбу ташкилот аъзолигига Марказий Осиё давлатлари орасида биринчиси бўлди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг кино маҳсулотлари ва кинолокацияси имкониятлари намойиш этилди. Энди Ўзбекистон киноижодкорлари кинокомиссия фаолиятини такомиллаштириш мақсадида конференция ва тренингларда иштирок этади.

AFCI штаб-квартираси Лос-Анжелесда (АҚШ) жойлашган бўлиб, бутун дунё бўйича 300 дан ортиқ кино комитетни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳаммуассиси ҳузурида 2018 йилда Ўзбекистон президентининг қарори билан ташкил этилган.

Сурат манбаи: facebook.com/yoshkinochi

Янгилик билан ўртоқлашиш: