Ўзбекистон МБ аукцион савдоларида хорижий валютани гаровга олган ҳолда қисқа муддатли қайта молиялаш кредитларини тақдим этади

Дата: 14:37, 21-11-2018.

Тошкент. 21 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон МБ аукцион савдоларида хорижий валютани гаровга олган ҳолда қисқа муддатли қайта молиялаш кредитларини тақдим этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш мақсадида Марказий банк Бошқаруви томонидан тижорат банкларига ликвидлик бериш ҳамда улардан ликвидликни жалб қилиш бўйича қўшимча пул-кредит инструментларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, Марказий банк томонидан қуйидаги операцияларни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш кўзда тутилмоқда: аукцион савдолари орқали валютани гаровга олган ҳолда қисқа муддатли қайта молиялаш кредитларини бериш, аукцион савдолари орқали тижорат банкларининг пул маблағларини Марказий банкнинг қисқа муддатли депозитларига жалб қилиш, аукцион савдолари орқали Марказий банкнинг облигацияларини тижорат банклари ўртасида жойлаштириш, ўзгармас фоиз ставкаларида тижорат банкларининг пул маблағларини Марказий банкнинг қисқа муддатли депозитларига жалб қилиш”, - дейилади банк назоратчисининг хабарида.

Дастлабки босқичда депозит ва кредит аукционлари ҳамда доимий тусдаги кредит бериш операцияларини амалга ошириш кўзда тутилган. Кейинги босқичда доимий тусдаги 1 хафталик ўзгармас фоиз ставкасида депозитга жалб қилиш операциялари йўлга қўйилади. Аукцион савдолари орқали операцияларни ўтказишда асосий эътибор, банклараро пул бозоридаги фоиз ставкаларини пул-кредит сиёсатининг мақсадли кўрсаткичлари доирасида шаклланишига қаратилади.

“Марказий банкнинг облигациялари банк тизимида ликвидликнинг барқарор таркибий профицити вужудга келган ҳолатларда муомалага чиқарилади. Марказий банк томонидан ликвидлик бериш ва жалб қилиш операциялари турлари ва улар бўйича йиллик фоиз ставкалари миқдори Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 10 ноябрдаги 35/4-сонли қарори билан тасдиқланди”, - деб қайд этилади хабарда.

Марказий банк депозит ва кредит аукционларини ўтказиш бўйича олдиндан эълон бериб боради.

Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: