Ўзбекистон МБ ходимларига бизнес билан шуғулланиш тақиқланди

Дата: 15:36, 12-11-2019.

Тошкент. 12 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки (МБ) ходимларига бизнес билан шуғулланиш тақиқланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририга биноан МБ ходимларига илмий ва ўқитувчилик фаолияти бундан мустасно, банклар, хўжалик бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг кузатув кенгашлари таркибига кириши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа пуллик фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, банк сири бўлган ахборотни ёки ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан маълум бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ чекланган бошқа маълумотларни учинчи шахслар манфаати учун ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш тақиқланади.

"Энди МБ ходимларини тадбиркорлик субъектлари ва қонунда кўрсатилган бошқа субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишга жалб қилишга йўл қўйилмайди", - дейилади хабарда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

 

Сурат манбаи: gtn.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: