Ўзбекистон МБ ХТК валюта ечиб олибнинг янги тартибини изоҳлади
Тошкент. 26 сентябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки (МБ) халқаро тўлов карталаридан (ХТК) валютани ечишнинг янги тартибини изоҳлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Аҳолининг валюта айирбошлаш операцияларини қулайлаштириш ва соддалаштириш мақсадида 2019 йил август ойининг учинчи ўн кунлигидан бошлаб тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари орқали резидентларга нақд хорижий валютани сотиш амалиёти жорий этилди", – дейилади Марказий банк матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, амалда, жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ шубҳали операциялар, хусусан, мамлакатда норезидентларнинг ХТКдан бошқа шахслар томонидан валюта маблағларини ечиб олиш билан боғлиқ ҳолат ва хавф-хатар мавжуд.
"Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада – "сўм"да амалга оширилиши, шунингдек, халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ХТКдан маблағларни мамлакат ҳудудида банкоматлар орқали ечиб олиш фақат миллий валютада амалга оширилади", - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, резидент-жисмоний шахслар чет эл валютасидаги ХТКдан бевосита тижорат банклари муассасаларида чекловларсиз нақд пул олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Шунингдек, норезидент – жисмоний шахслар томонидан сарфланмаган миллий валютадаги маблағлар банкоматлар орқали ёки валюта пунктларида айлантирилиб, валюта айирбошлаш шохобчаларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд хорижий валютага алмаштирилади.
Сурат манбаи: fishki.net